ЖАМҒАРМА ХАҚИДА
ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ
ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ
Жорий йилда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун 1-теримда 1 200 сўмдан, 2-теримда 1 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланди
Сифат — пухта ҳозирликка боғлиқ
Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ҳам ўзига хос масъулиятни талаб этиладиган палла. Негаки, бу мавсумда ҳосил йиғиб-териб олиниши баробарида, йил бўйи қилинган меҳнатга баҳо берилади-да. Айни пайтда республикамиздаги айрим фермерлар далаларида пахта теримига киришилган бўлса, баъзиларида пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда уюшма тизимидаги 122 та пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари иштирокида видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда ҳам айни шу масала — жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш масалаларига бағишланди. Мавсумда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, теримчи ва ҳашарчиларга етарли шарт-шароит яратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари муҳокама этилди.
Теримга кимлар жалб этилади?
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиевнинг маълум қилишича, бу йилги пахта йиғим-терим мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди.
Мавсумда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва бошқа ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва барча туманларда пахта терим марказлари ташкил этилмоқда. Теримга, асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари ишчилари, шунингдек, муайян меҳнат билан банд бўлмаганлар ва кўнгилли ҳашарчилар фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида жалб этилади.
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан пахта теримида қатнашадиган теримчилар, терим отрядлари ва отряд раҳбарлари рўйхати шакллантирилиб, электрон база яратилади.
Карантин талабларига тўлиқ риоя қилинади
Бу йилги пандемия шароити инобатга олинган ҳолда, ҳар бир терим отряди таркибида теримчилар сони 70 нафардан оширилмайди. Улар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, тиббий хизмат, кўчма савдо, маданият ва маиший хизматлар ҳам йўлга қўйилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўмагида Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларига республиканинг бошқа ҳудудларидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан рўйхатга олинган аҳоли вакилларини ихтиёрий равишда жалб қилиш кўзда тутилган. Улар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан ётоқ жойлари ҳозирланиб, зарур инвентарлар билан жиҳозланади.
Теримчилар зарур ашё ва анжомлар билан таъминланади. Уларни пахта даласига олиб бориш ва олиб келиш учун автобуслар бириктирилади.
Ҳар беш кунда пул берилади
Жорий йилда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун биринчи теримда 1 200 сўмдан, иккинчи теримда 1 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланди.
Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг чекка туманларида теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланишини таъминланади.
Шунингдек, кластерлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлашлари ҳам мумкин.
Пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хом ашёсини териб олиш учун йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратиш мақсадида олти ой муддатда қайтариш шарти билан «Агробанк» АТБ депозитига 1,6 трлн. сўмгача маблағлар ажратилган. Терим пуллари ҳар беш кунда, дам олиш кунларига тўғри келишидан қатъий назар даланинг ўзида хизмат кўрсатувчи банк вакили томонидан тарқатилиши белгиланган.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
(«Халқ сўзи»).