ЖАМҒАРМА ХАҚИДА
ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ
ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ
ВМҚ - 578 - сон 12.07.2019
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Қишлоқ хўжалиги техникаси паркини янгилаш ва модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни сифатли ва арзон техника билан таъминлаш, уларга ўз вақтида сервис хизмати кўрсатиш ҳамда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришни молиялаштиришга бозор механизмини кенг татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги техникасини етказиб беришни ўз вақтида молиялаштиришни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқни лизинг шартларида қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 2 ноябрдаги 424-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 июль,
578-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 578-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги техникасини кредит ва лизинг шартларида харид қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги корхоналари самарадорлигини ошириш ҳамда уларни замонавий юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қишлоқ хўжалиги техникаси — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган, ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари, жумладан ҳайдов, чопиқ, транспорт ва боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар;
қарз олувчи — мулкчилик шаклларидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи субъектлар, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерлари ҳамда механизация хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар;
субсидия — қарз олувчи томонидан қишлоқ хўжалиги техникаси лизинг ёки кредит шартларида харид қилинганда уларнинг фоиз харажатларини тижорат банклари ёки лизинг ташкилотлари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида қоплаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) пул маблағлари;
имтиёзли шартлар — фоиз миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида ва ундан кам миқдорда белгиланган фоизлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш учун ажратилган кредит ва лизинг бўйича ҳисобланган фоизнинг 10 фоизлик пунктини қоплаб бериш учун кўзда тутилган маблағларни Жамғармага ажратади.
Бунда харажатларни қоплашнинг ушбу миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин;
тижорат банкларида ресурслар тақчиллиги юзага келганда қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишга кредитлар ажратиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг вақтинчалик бўш турган маблағларини тижорат банкларига белгиланган тартибда жойлаштиради.
4. Ушбу Низом талаблари Низом кучга киргунга қадар қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш бўйича расмийлаштирилган шартномаларга ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга татбиқ этилмайди.
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки томонидан қарз олувчига қишлоқ хўжалик техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш учун ажратилган лизинг ёки кредит фоизини қоплаш учун субсидия ажратиш мазкур Низомнинг иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
5. Қарз олувчига лизинг ҳамда кредит шартларида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникасининг фоиз тўловини қисман қоплаб бериш учун субсидия ушбу Низом талаблари асосида лизинг ташкилоти, тижорат банки ва Жамғарма ўртасида тузиладиган Бош битимга мувофиқ ажратилади.
Субсидия миқдори қарз олувчи ва лизинг ташкилоти ёки тижорат банки ўртасида тузиладиган шартнома шартларида акс эттирилиши шарт.
Субсидия лизинг ҳамда кредит шартларида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникасининг камида 1 йиллик кафолат муддати, шунингдек, ушбу техника учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сервис хизмати кўрсатувчи марказлар бўлганда лизинг ташкилоти ёки тижорат банкининг фоиз тўловларини қисман қоплаб бериш учун ажратилади.
6. Қарз олувчининг лизинг ёки кредит фоизини қоплаш учун субсидия тижорат банки ва лизинг ташкилоти томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида ажратилади.
Бунда, лизинг ёки кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваригача бўлган фоиз ставкаси билан ҳайдов тракторлари учун 5 — 7 йил муддатга, чопиқ, транспорт, боғдорчилик тракторлари, уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар ҳамда кўп вазифали пневматик ва механик сеялкалар учун 3 — 5 йил муддатга расмийлаштирилган бўлиши лозим.
7. Субсидия Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган қонунчиликда белгиланган тартибда фаолият кўрсатувчи лизинг ташкилоти ва тижорат банкларига ажратилади.
2-боб. Субсидия ажратиш тартиби
8. Субсидия фақат лизинг ёки кредит шартномаси тузилган кунда ишлаб чиқарилган муддати бир йилдан ошмаган янги қишлоқ хўжалиги техникаси учун ажратилади.
9. Субсидия:
а) лизинг ёки кредит олувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини шартномада кўрсатилган қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс тўланганда;
б) лизинг ёки кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваригача бўлган фоиз ставкасида расмийлаштирилганда ажратилади.
10. Қишлоқ хўжалиги техникаси бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг кредитлари ҳисобига имтиёзли шартларда харид қилинганда ёки бошқа субсидия шартлари қўлланилганда субсидия ажратишга рад этилади.
11. Қарз олувчи томонидан қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилишда лизинг ташкилоти ёки тижорат банкига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
а) ариза;
б) янги қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг ёки кредит шартларида харид қилиш тўғрисида тузилган шартнома;
в) суғурта полиси, кафиллик ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари.
12. Ушбу Низомнинг 11-бандига мувофиқ барча зарур ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг лизинг ташкилоти ёки тижорат банки аризани 3 банк иш кунида кўриб чиқиши, ижобий хулоса қабул қилинганда қарз олувчи билан шартнома тузиши лозим.
Лизинг ташкилоти ёки тижорат банкининг кредит қўмитаси томонидан кредит ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда қарз олувчига рад этиш сабаблари баён этилган ёзма маълумот тақдим этилиши шарт.
Қарз олувчи қайта мурожаат қилишга ҳақли.
13. Лизинг ташкилоти ёки тижорат банки қарз олувчи томонидан ўзига тегишли фоиз тўловини тўлаганлиги тўғрисида умумлаштирилган маълумотни Жамғармага тақдим этади.
14. Тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги, лизинг ёки кредит ажратиш ва улар бўйича субсидия олишнинг барча жараёни ушбу Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан масъулият лизинг ташкилоти ва тижорат банкларининг раҳбарларига юкланади.
15. Жамғарма келган ҳужжатларни ўрганиш натижалари асосида лизинг ёки кредит бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Жамғарма 1 (бир) иш куни мобайнида лизинг ташкилоти ёки тижорат банкини субсидия ажратиш тўғрисида (рад этилган тақдирда — асосли сабаблар кўрсатилган ҳолда) қарор қабул қилингани ҳақида хабардор қилади.
16. Жамғарма Бош битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига буюртманома тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги буюртманомада қайд этилган маблағларни 2 банк иш кунидан кечиктирмасдан Жамғарма ҳисобварағига ўтказади.
17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан маблағ ўтказиб берилгандан сўнг Жамғарма Бош битимга мувофиқ 2 банк иш кунида лизинг ташкилоти ёки тижорат банкига субсидия ажратади.
3-боб. Субсидияни ҳисоблаш тартиби
18. Субсидия ушбу Низом талаблари асосида расмийлаштирилган лизинг ва кредит муддатидан келиб чиқиб ҳақиқатда қолдиқ қарз суммасига ҳисобланади.
Бунда, тўлов жадвали бўйича муддати ўтган қарздорликка қайта субсидия ҳисобланишига йўл қўйилмайди.
19. Қарз олувчи шартноманинг тўлов жадвалига мувофиқ ўзига тегишли бўлган лизинг ёки кредит фоиз тўловларини (субсидия қилиб бериладиган фоиздан ташқари) тўлиқ тўлаган бўлиши шарт.
20. Субсидия лизинг ташкилоти учун ҳар чоракда, тижорат банки учун ҳар ойда кейинги ойнинг 20-кунигача тақдим этилган буюртманомалар бўйича ҳисобланган жорий фоизлар миқдорида ҳисоб-китоб қилинади.
21. Жамғарма томонидан лизинг ташкилоти ёки тижорат банки ҳисобварағига қарз олувчи учун ҳисобланган фоиз тўловини 10 фоиз пунктини қоплаш учун ўтказиб берилган субсидия ушбу қарз олувчининг ҳисобланган фоиз тўловлари учун ҳисоб-китоб қилинади.
22. Ажратилган субсидия қарз олувчига ҳисобланган субсидия миқдоридан кўп бўлган тақдирда ортиқча маблағлар 2 банк иш кунидан кечиктирмасдан Жамғарма ҳисобварағига қайтариб ўтказилади.
23. Лизинг ёки кредит шартномасининг шартлари ўзгарган тақдирда илгари тасдиқланган ва ҳисобланган субсидия миқдори оширилмайди, субсидия муддати узайтирилмайди.
24. Жамғарма томонидан ажратилган субсидиядан мақсадли фойдаланишни, тўловларнинг ва ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Мақсадсиз фойдаланилган субсидия маблағлари Бош битим шартларига асосан Жамғармага қайтарилади.
4-боб. Субсидия ажратишни тўхтатиш
25. Субсидия ажратилишини тўхтатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) лизинг ёки кредит шартномаси бўйича субсидия мақсадсиз ишлатилганлиги ёки мақсадсиз фойдаланилганлиги аниқланганда;
б) қарз олувчи томонидан лизинг ёки кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда;
в) қарз олувчининг субсидия олишдан бош тортганлиги тўғрисидаги мурожаати мавжуд бўлганда;
г) лизинг ёки кредит шартномаси тўлиқ бекор қилинганда;
д) лизинг ёки кредит шартномаси бўйича субсидия ва шартнома шартлари тўлиқ бажарилганлиги тўғрисида лизинг ташкилоти ёки тижорат банки мурожаати асосида.
5-боб. Якунловчи қоидалар
26. Тарафлар ўртасида юзага келадиган низолар белгиланган тартибда суд томонидан ҳал этилади.
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Қолган матнни ўқиш учун илтимос файлни юклаб олинг!