ЖАМҒАРМА ХАҚИДА
ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ
ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ
Умумий маълумот
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон Фармонига мувофиқ
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ” давлат Дастури ишлаб чиқилди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини ошириш, давлат хариди учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришнинг самарали тизимини шакллантириш, шунингдек қишлоқ хўжалик корхоналарини юқори унумли замонавий техникалар билан таъминлашни тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббусига кўра “Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси” ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ПФ-5095-сон Фармонига мувофиқ Жамғарма зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
етиштириладиган пахта ва ғалла ҳосили ҳисоб-китобини ўз вақтида молиялаштириш;
қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини етиштиришда иштирок этадиган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига замонавий, юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни рағбатлантириш учун қайтариб бериш асосида қарз маблағлари ажратиш;
замонавий ахборот ва компютер технологияларидан фойдаланиш асосида ҳисоб-китоб тизимини янада такомиллаштириш ва жорий этишни молиялаштириш;
ривожланаётган ва ривожланган давлатларнинг аграр соҳани молиялаштириш бўйича тажрибасини кейинчалик унинг ижобий натижаларини республикада жорий этиш мақсадида ўрганиш.
Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ижросини таъминлашда, пахта толасини экспорт ва ички истеъмолчиларга сотишдан тушадиган бўнак, шунингдек улар юзасидан якуний ҳисоб-китоб қилишдан тушадиган маблағлар, тасдиқланган прейскурантдаги улгуржи нархлардан юқори бўлган маблағлар, тегишли йил ҳосили пахта толасини сотиш якунлари бўйича — ижобий тафовутнинг тўлиқ миқдордаги якуний суммаси ҳамда ун ва дон маҳсулотларини сотиш ва қайта баҳолашдан, шунингдек маҳсулотлар экспортидан тушган валюта маблағларини эркин биржа савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар-Жамғарма маблағлари шакллантиришнинг асосий манбаси этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-3096-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар Жамғарманинг молия ва тижорат агентлари ҳисобланади:
пахта ва ғалла етиштириш, харид қилиш, шунингдек, замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб беришни молиялаштириш бўйича молия агенти — «Агробанк» акциядорлик тижорат банки;
пахтани харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича тижорат агенти — «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари;
ғаллани харид қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича тижорат агенти — «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси;
замонавий, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга қишлоқ хўжалиги техникасини имтиёзли лизинг шартларида етказиб бериш бўйича тижорат агенти — «Ўзагролизинг» акциядорлик жамияти ва “Ўзмашлизинг” МЧЖлар белгиланган.