ЖАМҒАРМА ХАҚИДА
ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ
ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ
ВМҚ-546-СОН 08.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Бошоқли дон экинлари навларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, мақбул муддатларда экиш ва парваришлаш, бунинг учун зарур бўлган моддий-техника ресурсларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бериш, бошоқли дон ҳосилдорлигини ҳамда фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг манфаатдорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4634-сон қарорига мувофиқ 2021 йил ҳосилидан бошлаб:
давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечиш;
бошоқли дон экинлари бўйича давлат харидини тўлиқ бекор қилиш;
ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги доннинг фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг таклифларини инобатга олиб, қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти ва унинг Қашқадарё филиали ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар илмий-тажриба станцияларида 2021 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш ва суперэлита уруғлик дон етиштириш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосилидан бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосилидан дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган товар дон ҳажмлари 4-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш учун талаб қилинадиган минерал ўғитлар миқдори 5-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш учун талаб қилинадиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари миқдори 6-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда суғориладиган майдонларда 2021 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш бўйича агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан «йўл хариталари» 7 — 9-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноевга, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаевга ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметовга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифлари асосида 2021 йил ҳосилидан бошлаб ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида харид қилинадиган товар дон ҳажмларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва тижорат банклари билан биргаликда ялпи ҳосил қийматининг 40 ва 50 фоизи миқдоридаги кредит буюртмаларини туманлар бўйича алоҳида ҳисоб-китоб қилади;
тижорат банклари агротехник тадбирлар муддатларига мувофиқ ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳар ойнинг 5-кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) кредит буюртмаларини тақдим этади;
Жамғарма Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг буюртманомалари асосида 2021 йил ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банкларига ҳар ойда маблағ ажратади;
тижорат банклари ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратилган кредитлар Жамғармага тўлиқ қайтарилишини таъминлайди.
4. Белгилансинки, 2021 йил ғалла ҳосилини етиштириш харажатларини белгиланган тартибда молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эълон қиладиган минимал нархлардан ва 2020 йил ғалла ҳосили ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки кун муддатда минимал нархларни эълон қилсин ва Молия вазирлигига 2021 йил ғалла ҳосили харажатларини молиялаштириш учун зарур бўлган ҳисоб-китобларни тақдим этсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўздонмаҳсулот» АК билан биргаликда бир ҳафта муддатда фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари бўйича бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришга доир қарорлар қабул қилсинлар.
Бунда бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришда битта контурга икки йилдан ортиқ экилишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилсин.
6. «Ўздонмаҳсулот» АК Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида тузилган шартномалар доирасида етиштириладиган ғалла учун уруғлик қийматининг 15 фоизини олдиндан ва қолган қисмини 60 кун ичида тўлаб бериш шарти билан, бошқа фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларига 100 фоиз олдиндан тўловлар асосида экиш учун уруғлик донни етказиб берсин.
7. «Ўздонмаҳсулот» АК Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ғаллачилик кластерлари билан биргаликда:
2021 йил ҳосили учун экиладиган кузги бошоқли дон экинларининг уруғларини етарли миқдорда нав ва авлодлар бўйича тозалаш, саралаш, дорилаш, қоплаш ҳамда сертификатлаш ишларини 2020 йил 25 сентябрга қадар якунласин;
ушбу қарор билан тасдиқланган бошоқли дон экинлари навларини жойлаштиришни, шунингдек, суғориладиган майдонларда асосан биринчи ва иккинчи репродукцияли ҳамда лалми майдонларда учинчи репродукциядан паст бўлмаган уруғлик дон экилишини;
бошоқли дон экинлари экишни ҳар бир ҳудуд учун мақбул бўлган муддатларда — суғориладиган майдонларда 2020 йил 25 октябргача ва лалми ерларда — 15 ноябргача тугалланишини таъминласин.
Бунда республика ҳудудида экишга тавсия этилмаган ғалла навларини, сифатсиз тайёрланган ва дориланмаган (сертификатланмаган) уруғларни экиш қатъиян тақиқланади.
8. «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ кузги бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш учун ушбу қарорга 5 ва 6-иловаларга мувофиқ талаб этиладиган минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг фермер хўжаликлари ҳамда ғаллачилик кластерларига ўз вақтида етказиб берилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошоқли дон етиштиришда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ер майдонларининг зарур миқдордаги фосфорли ва калийли минерал ўғитлар билан бирга сифатли тайёрланишини, минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида ҳамда тўлиқ етказиб берилишини, белгиланган муддатларда экилишини ва агротехник тадбирлар сифатли амалга оширилишини ташкил этсин ва назорат қилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, шунингдек, ғалла майдонларини суғориш учун етказиб бериладиган сувдан самарали фойдаланиш ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилишини таъминласин;
бир ҳафта муддатда бошоқли дон экинларини суғориш графикларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, ғалла майдонларини сув билан таъминлаш ҳамда ғалла майсаларини тўлиқ ундириб олиш чораларини кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти томонидан хорижий илмий муассасалардан 250 тонна бошоқли дон экинларининг суперэлита уруғлари келтирилишини таъминласин.
12. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.А. Ходжаев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманларнинг 4 та сектор раҳбарлари — кафолатланган бошоқли дон етиштиришда фермер хўжаликлари ва ғалла кластерлари томонидан агротехник тадбирлар, шу жумладан, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш, суспензия сепиш ҳамда бошқа тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши;
«Ўзкимёсаноат» АЖ (Ж.Т. Мирзамахмудов), «Ўзбекнефтгаз» АЖ (М.Р. Абдуллаев), «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (Х.Н. Хасилов) — кафолатланган бошоқли дон ҳосили етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари захирасини яратилишига ҳамда моддий-техника ресурсларининг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари даласига етказиб берилиши;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (А.Э. Эргашев), «Агробанк» акциядорлик тижорат банки (Р.Ў. Маматқулов) ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари — Жамғарма маблағлари ҳисобидан бошоқли дон етиштириш харажатларининг ўз вақтида молиялаштирилиши, ажратилган маблағлардан фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари мустақил ва мақсадли фойдаланишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (С.А. Нишанбаев), «Ўзагросервис» АЖ (Р.М. Хайитов), «Ўзагролизинг» АК (А.И. Сулаймонов) — кафолатланган бошоқли дон ҳосилини етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун мавжуд қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиқ жалб қилиниши, сифатли механизация хизматлари кўрсатилишига, ўрим-йиғим ишларининг уюшқоқлик билан ташкил этилиши ҳамда янги қишлоқ хўжалиги техникалари белгиланган муддатда етказиб берилиши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (А.Д. Вахабов) ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари — ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда хизматлар сифатли кўрсатилиши, бу борада тузилган шартномавий мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилиши учун шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар кузги бошоқли дон экинлари экилган майдонларни тўлиқ хатловдан ўтказсин ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ