ЖАМҒАРМА ХАҚИДА
ТИЖОРАТ АГЕНТЛАРИ
ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ
ПҚ-4575 - СОН 28.01.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда — Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида 2020 йилда:
1) «озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш» йўналишида 2020 йил 1 октябрдан бошлаб аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда:
2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, шу жумладан бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмларини жорий этиш;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш бўйича механизмни ишлаб чиқиш назарда тутилади;
2) «қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш» йўналишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар 2021 йил ҳосилидан бошлаб бозор конъюнктураси таҳлили ва агротехника тадбирларини ўтказиш харажатларнинг прогноз ҳисоб-китоби асосида пахта-тўқимачилик кластерлари учун фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг шартларини аниқлашда минимал нархларни белгилаш йўли билан пахта хомашёси нархларини шакллантириш, харид қилиш ва сотишнинг бозор тамойилларига ўтишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3) «соҳада давлат иштирокини камайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш» йўналишида:
а) 2020 йил 1 мартдан пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этилади;
б) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда кредитлаш ва суғурталаш механизмини қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғининг стратегик устувор йўналишлари ҳамда эҳтиёжларига мос равишда такомиллаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин.
Бунда:
кредит тақдим қилишда «омборхона гувоҳномалари», бошқа молиявий воситалар ва ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқидан гаров таъминоти сифатида фойдаланилиши;
қишлоқ хўжалигида хатарларни суғурталашнинг янги турлари жорий этилиши назарда тутилсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги 2020 йил 1 апрелга қадар бошоқли дон ва пахтани қайта ишлаш, ресурс таъминоти ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги давлат улуши мавжуд корхоналарни хусусийлаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
4) «табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳит муҳофазасини таъминлаш тизимини такомиллаштириш» йўналишида:
а) 2020 йил 1 апрелдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти Қибрай ва Тошкент туманлари, Фарғона вилояти Фарғона ва Олтиариқ туманлари ҳамда Қашқадарё вилояти Китоб ва Нишон туманларида:
жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизми жорий этилади;
жисмоний ва юридик шахсларга кейинчалик танловга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда махсус геопортал орқали ер участкаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш ҳуқуқи берилади;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ҳамда улардан солиққа тортишда фойдаланиш механизми жорий этилади.
«Давергеодезкадастр» қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун мўлжалланган захира ерларидан ер участкалари рўйхатини тузиш ва уларни танловга қўйиш;
жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини танлов орқали бериш;
жисмоний ва юридик шахсларга махсус геопортал орқали танловга қўйиладиган ер майдонларини танлаш имкониятини яратиш;
жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида фойдаланишга бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишишни электрон шаклда амалга ошириш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйишнинг амалдаги тартибини қайта кўриб чиқиб, ерлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши ва экологик вазиятнинг ёмонлашувини асосий мезонлардан бири сифатида белгилаган ҳолда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бекор қилишнинг шаффоф ва адолатли механизмларини жорий этиш;
5) «бошқарувнинг замонавий тизимларини ривожлантириш» йўналишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг ваколат ва фаолият йўналишлари функционал баҳолаш мезонлари асосида қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2020 йил 1 майга қадар етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг бошқарув тизимини функционал баҳолаш асосида соҳада давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга оширсин.
Бунда:
давлат ролини давлат буюртмасини бериш, экинларни жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни назорат қилиш тизимидан фермер ва деҳқон хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш ва сифатини ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва хусусий сектор томонидан кўрсатилмайдиган бошқа мақсадлар учун зарур бўлган давлат хизматларини кўрсатишга йўналтириш;
давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий сектор билан ҳамкорликни кучайтириш;
вертикал ва горизонтал бошқарув тизимини такомиллаштириш;
кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича касбий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш назарда тутилсин;
6) «фермер хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш орқали давлат харажатлари самарадорлигини ошириш ва босқичма-босқич қайта тақсимлаш» йўналишида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:
а) 2020 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини қайта кўриб чиқиш;
б) 2020 йил 1 июлга қадар агросаноат мажмуини ўрта муддатли дастурий молиялаштириш тамойилларига ўтказиш.
Бунда:
тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда агросаноат мажмуига кирувчи вазирликлар ва идоралар бюджетларини комплекс кўриб чиқиш механизмини жорий этиш;
давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва ресурс тежамкор технологияларни қўллаш орқали ирригация соҳаси харажатларини камайтириш ҳисобига илмий-тадқиқот ишларига харажатларни кўпайтириш;
агросаноат мажмуида харажатларни диверсификация қилиш назарда тутилсин;
7) «илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш» йўналишида 2020 йил 1 мартдан бошлаб агросаноат мажмуига кирувчи илмий, илмий-тадқиқот ва илмий-тажриба муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказилади.
2020-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий молиялаштиришга ўтказиладиган агросаноат мажмуи таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Агросаноат мажмуи таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилсин;
8) «тармоқ статистикасининг шаффоф механизмини яратиш» йўналишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин:
хусусий секторни кенг жалб қилиш имкониятларини инобатга олган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида Агросаноат комплексида ягона ахборот дастури (кейинги ўринларда — Ягона дастур) юритилиши учун масъул ташкилот тузиш;
агросаноат мажмуига тегишли барча вазирлик ва идораларни ҳамда ушбу мажмуада фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларни Ягона дастурда ишлаш тартиби;
агросаноат мажмуига тегишли барча вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг Ягона дастур билан интеграциясини таъминлаш назарда тутилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2020 — 2022 йилларда:
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда ташкил этилган қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини маҳсулотларнинг сифатини таҳлил ва назорат қилиш бўйича халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий лабораториялар билан жиҳозлаш;
қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини малакали менежер, маркетолог, агроном, иқтисодчи ва бошқа керакли мутахассислар билан таъминлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар маблағларини жалб этишни таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг маблағлари жалб этилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
6 Мазкур қарор ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилсин:
а) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов — мазкур қарор ижросини сифатли, тўлиқ ва ўз вақтида амалга ошириш, масъул вазирлик, идора, ташкилотлар ва ҳокимликларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш, ҳар ойда улар раҳбарларининг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишни таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев — Дастурни амалга ошириш бўйича барча зарурий чоралар кўрилишини таъминласин, мазкур қарорни ўз вақтида амалга оширишда масъул ташкилотларга ҳар томонлама услубий ва амалий кўмак берсин ҳамда ҳар ой Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашга унинг бажарилиши бўйича батафсил маълумот киритиб борсин;
в) Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзоқов — Дастурни 2020 йилда амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, жумладан салоҳиятли хорижий инвесторларнинг маблағлари жалб этилишини таъминласин;
г) Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосарлари:
Ш.Ж. Тешаев — бошоқли доннинг давлат харидларини босқичма-босқич бекор қилиш ҳамда пахта хомашёси нархларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этиш бўйича ишларни тайёрлашни таъминласин;
С.С. Ходжаев — қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини кредитлаш ва суғурталаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда агросаноат мажмуини молиялаштиришни ўрта муддатли дастурий молиялаштириш тамойилларига ўтказиш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқиш тадбирларини амалга оширсин;
Б.М. Холиқов — агросаноат мажмуи таркибига кирувчи, жумладан базавий бюджет молиялаштиришига ўтказилаётган илмий-тадқиқот муассасалари ишини сифатли ташкил этиш, амалга оширилаётган илмий-техник дастурлар ва тадқиқотлар натижаларини қишлоқ хўжалигида амалий қўллашни таъминласин;
д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари — жисмоний ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини шаффоф ва очиқ танловлар ўтказиш орқали ажратиш бўйича жорий этилаётган тартибга сўзсиз риоя қилиш, бошоқли доннинг давлат харидларидан босқичма-босқич воз кечиш бўйича тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ